Россия либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский енгил атлетика бўйича мамлакат терма жамоаси Рио–2016 Олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини олмаса, Россияда «минтақавий Европа олимпия ўйинларини» ўтказишни таклиф қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Аввалроқ енгил атлетика федерациялари халқаро уюшмаси (IAAF) кенгаши россиялик енгил атлетларнинг 2016 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида иштирок этишига рухсат бермагани ҳақида хабар қилинганди.
«Агар спортчиларимизга Бразилияга бориш учун тўсқинлик қилинса, Россияда параллел равишда Олимпиада ўйинларини ўтказиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз», – деди Жириновский.
Жириновский Рио-де-Жанейрога бора олмайдиган спортчиларга Москва ёки Сочи шаҳарларига келишни таклиф қилмоқда. «Турли сабабларга кўра Бразилиядаги Олимпиада ўйинларига кўплаб спортчилар бора олмаса, август ойининг ўзида минтақавий Европа олимпия ўйинларини ўтказиш учун Москва ёки Сочига келсин», – деди партия етакчиси.
Халқаро олимпия қўмитаси ҳамда етакчи халқаро спорт федерациялари раҳбарлари Лозаннадаги олимпия саммитида иштирок этади. Унда атлетика федерациялари халқаро уюшмаси (IAAF)нинг россиялик енгил атлетикачиларни Рио–2016 Олимпиадасидан четлатиш қарорига баҳо берилади.
Изоҳ (0)