Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида 12-турнинг 7 та ўйини ўз якунига етди. Унга кўра пешқадам «Локомотив» ўзини таъқиб қилиб келаётган «Бунёдкор»дан 4 очкога илгарилаб кетди.
12-турнинг марказий ўйинини Қаршида «Насаф»га қарши ўтказган «Локомотив» Темурхўжа Абдухолиқовнинг дубли эвазига 2:1 ҳисобида зафар қучди ва очколари сонини 34 тага етказиб олди.
«Насаф»нинг очко йўқотишидан унумли фойдаланган Бекободнинг «Металлург» клуби 1 очко ишлаб, очколар сони бўйича Қарши клуби билан тенглашди. Бекободда чемпионлик учун кураш олиб бораётган «Бунёдкор»ни қабул қилган «Металлург» 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
«Олмалиқ» ва «Сўғдиёна» клублари 12-турни водийда ўтказиб, 3 очкодан қўлга киритди. Игорь Шквирин жамоаси Андижондан ғалаба билан қайтган бўлса, Даврон Файзиев шогирдлари Қўқонда ўзини кўрсатди.
Навоийнинг «Қизилқум» клуби 95-дақиқада белгиланган пенальти эвазига «Навбаҳор»ни таслим қилишга эришди. «Бухоро» эса Баҳодир Пардаев ҳамда Азиз Ибрагимовнинг голи билан «Нефтчи»ни мағлуб этди.
«Локомотив» 12-турдан кейин 34 очкога эга бўлса, «Бунёдкор» 30 очко тўплашга муваффақ бўлган. «Насаф» ҳамда «Металлург» ҳисобида 24 тадан очко мавжуд. «Пахтакор», «Бухоро», «Қизилқум» бир хилда — 21 тадан очко ишлаган.
Турнир жадвалининг сўнгги уч ўрнида «Андижон» — 9, «Қўқон—1912» — 6 ва «Обод» — 5 очко билан жойлашган.
Ўзбекистон Олий лигаси 12-тур беллашувлари 16 июнь, пайшанба
Изоҳ (0)