Покистон ва Афғонистон чегарачилари «Турхам» назорат-ўтказиш пунктида ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Бу ҳақда, Покистоннинг Nation нашри маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Аввалроқ икки давлатнинг жанговар тўқнашувлари 13 июнь, душанбага ўтар кечаси, покистонлик ҳарбийлар Афғонистон ҳудудида дарвоза ўрнатмоқчи бўлганидан сўнг бошланганлиги ҳақида маълум қилинган эди. Охирги тўқнашув 15 июнь, чоршанбага ўтар кечаси юз берган эди.
Хавфсизлик хизматларининг маълум қилишича, томонлар 15 июнь, чоршанба куни кечқурун ярашишга келишган. Ҳар иккала томоннинг чегара хизмати вакиллари қисқа учрашув ўтказиб, шундан кейин чегаранинг ҳар иккала томонида оқ байроқ кўтарилган. Ўт очиш тўхтатилиши билан чегарачилар дарвоза қуриш ишларини қайтадан бошлади.
Ўз навбатида, Афғонистоннинг Исломободдаги элчиси Умар Захивал келишув унинг Покистон ҳукумати билан алоқалари натижаси бўлганлигини маълум қилди.
Можаронинг тўрт куни давомида икки мамлакатнинг чегарасида уч киши — икки нафар афғон чегарачиси ва бир нафар покистонлик чегарачи ҳалок бўлди. Жабрланганларнинг сони йигирмадан ошди.