Нигер ҳудудидаги Саҳрои Кабир чўлидан 15 июнь, чоршанба куни 34 нафар муҳожирнинг жасади топилди. Бу ҳақда маҳаллий ҳукумат хабарига асосланиб, Reuters агентлиги маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Дастлабки маълумотга кўра, муҳожирларни бошлаб бораётган одам уларни чўлда қолдириб кетган. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, тўққиз нафар аёл, беш нафар эркак ва 20 нафар бола 6 июндан 12 июнгача бўлган даврда ҳалок бўлган. Нигер президенти Маҳаммаду Иссуфу қурбон бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди.
Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг маълумотларига қараганда, ўтган йили Нигер шимолида жойлашган Агадес шаҳри орқали 120 минг киши ўтган. Ливия орқали Европага етиб олишга уринган 37 нафар муҳожир чўлда ҳалок бўлган.