OurMine саудиялик хакерлар гуруҳи Twitter ва Pinterest’да Facebook раҳбари Марк Цукербергга тегишли икки аккаунтга дахл қила олганликларини маълум қилди. Бу ҳақда, Hacker News нашрига асосланиб, TJournal хабар бермоқда.
Бузиб кирилган аккаунтлар кўпдан бери қўлланилмай келаётган эди — Twitter’даги @finkd саҳифасини Цукерберг 2012 йилдан буён қаровсиз қолдирган бўлса, Pinterest’даги саҳифада бор-йўғи тўртта ёзув бор. 5 июнь кечаси Цукербергнинг Twitter’ида аккаунт «dadada» пароли ёрдамида бузилгани ҳақида хабар қолдирилди, кейинроқ унинг Instagram’даги саҳифасига ҳам дахл этилгани маълум қилинди.
Instagram’да ҳеч қандай ўзгаришлар содир бўлмади, Pinterest’даги саҳифанинг эса ташқи кўриниши ўзгартирилди.
Кейинроқ Facebook вакиллари компаниянинг тизимлари ва бошқа аккаунтлар хавфсизликда қолгани, бузилган аккаунтлар ҳам қайтариб олингани ҳақида баёнот берди.