Ўзбекистонда 5 июнь — Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан экология ҳафталиги бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Тадбир Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ҳафталикнинг очилиш маросимида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б. Абдусаматов, БМТнинг доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили С. Приснер ва бошқалар иштирок этди.
Ҳафталик доирасида Тошкент шаҳри ва вилоятларда табиатни асраш, биологик хилма-хилликни муҳофазалаш бўйича дастурлар натижаларига оид анжуманлар, экофестиваль, табиатнинг ноёб ҳудудларига саёҳатлар, инновацион технологиялар намойишига оид лойиҳалар, экологик таълимни тарғиб этиш бўйича танловлар, ҳудудларни ободонлаштириш акциялари, спорт мусобақалари ўтказиш режалаштирилган.
Тадбирда 2013–2017 йилларда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ташкилот ва корхоналар ўртасида ўтказилган «Экологик соф технологиялар ва инновациялар» танлови ғолиблари тақдирланди.
Изоҳ (0)