Японияда етти ёшли боланинг ота-онаси уни атайлаб ўрмонда қолдириб кетганлигини тан олди. Аввалроқ улар ўғлининг ўрмонда адашиб қолганлиги ҳақида маълум қилган эди. Бу ҳақда, The Japan Times маълумотига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Бола ҳалигача топилмаган. У Хоккайдо оролидаги Нанаэ посёлкаси яқинидаги ўрмонда икки кун аввал йўқолиб қолган. Уни қидиришга 150 киши жалб этилган.
Унинг ота-онаси дастлаб ёввойи ўсимликларни териш учун оилавий йўлга чиққанлиги, ўғли эса йўқолиб қолганлигини маълум қилган эди.
Бироқ кейинроқ боланинг отаси полицияга ўғли машиналарга тош отганлиги учун уни жазолаш мақсадида тоғда ёлғиз қолдириб кетганлигини тан олди. Унинг сўзларига қараганда, улар рафиқаси билан 500 метрча узоқлашгач, ўғлини олиб кетиш учун орқага қайтган. Бироқ бола жойида бўлмаган.
Ҳозирги пайтда полиция боланинг ота-онасига нисбатан иш қўзғатиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Изоҳ (0)