Хитойнинг Ичан шаҳрида яшовчи йигит севган қизига дил изҳори қилиш бобида омадсизликка учради. Бу ҳақда 23 май куни Daily Mail нашри хабар қилди.
Номи келтирилмаган йигит 21 май куни «Гоу Хунюнь, менга турмушга чиқ» деб ёзилган парашютда дарахтдан сакрашни, ерга тушгач эса қизга гул совға қилишни кўзлаганди.
Аммо шамол унинг режаларига тўсқинлик қилди ва у парашюти билан шоҳ-шаббалар орасига тиқилиб қолди.
Йигит мустақил равишда ерга туша олмади, ўт ўчириш бригадасининг етиб келишини эса бир соат кутишга тўғри келди.
Қутқарувчилар етиб келиб, махсус кран воситасида уни ерга туширгач, йигит эски режасига қайтди: у қиз олдида тиз чўкиб, унга гулдаста тутди.
Аммо қиз таклифга жавоб бермасдан терс бурилиб кетиб қолди.
Воқеа интернетда кенг муҳокама қилинди. Кўплар қизнинг қарорини қўллаб-қувватлади.
«Кўнгил изҳори самимий бўлиши лозим, ҳаммага ўзини кўрсатиш учун ҳаракат қилиш ярамайди», — деб ёзди баҳс иштирокчиларидан бири.
Изоҳ (0)