2016 йил 26–29 май кунлари Фарғона шаҳрида олий ўқув юртлари талабалари ўртасида «Универсиада–2016» мусобақаларнинг финал босқичи бўлиб ўтади. Бу ҳақда мусобақа матбуот хизмати «Дарё» нашрига маълум қилди.
«Универсиада–2016» мусобақаларида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан жамоалар спортнинг 15 тури бўйича беллашади.
Фарғонада бўлиб ўтадиган спорт мусобақаларида 1068 нафар спортчи ва мураббийлар, 155 нафар ҳакамлар ҳамда Ўзбекистоннинг машҳур спортчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашиши режалаштирилган. Спорт мусобақалари 12 та спорт иншоотларида ўтказилади.Спорт мусобақалари очилишида ёқиладиган машъала Паркент туманидаги Қуёш иншооти табиий нур қуввати билан ёқилади. Универсиада машъаласининг Паркентдан Фарғона шаҳригача келадиган йўл харитаси тузилди. Машъала маршрути масофаси 364,5 километр бўлиб, шундан 338,5 километр автомобиль ва 26 километрни спортчилар эстафетаси ташкил этади.
Универсиада ўйинларига тайёргарлик кўриш жараёни ва мусобақалар давомида унинг ишини ёритиб борадиган веб-сайт гуруҳи ташкил этилган. Универсиадага тайёргарлик, унинг иштирокчилари, мусобақалар ўтадиган манзиллар ва бошқа маълумотлар www.universiada-2016.uz веб-сайти орқали таништириб борилади. Мусобақа арафасида ва давомида унинг тезкор натижалари тўртта хорижий тилларга таржима қилиниб, бутун дунёга тарқатиб турилади.
Изоҳ (0)