Номаълум қуролланган жиноятчилар Нигерияда Италиянинг Eni компаниясига тегишли газ қувурини портлатиб юборди, дея хабар бермоқда «ТАСС» фирма вакилига таяниб.
Унинг маълум қилишича, қувур портлаши натижасида компания қазиб оладиган нефть ҳажми бир суткада минг баррелга қисқарди.
Қўпорувчилик ҳаракати 15 май, якшанба куни Нигериянинг асосий нефть қазиб олувчи ҳудуди — Нигер дарёси дельтасида содир этилди. Ҳужум Eni’нинг Байелса штати Огбембири шаҳридаги Agib шўъба корхонасининг газ қувурига уюштирилди.
Газ қувурининг ушбу қисми жорий йилда бир неча марта жангарилар ҳужумига учради. Нигер дельтасидаги нефть қувурларига одатда Нигериянинг янги исёнчи гуруҳи — Niger Delta Avengers («Нигер дельтаси қасоскорлари») ҳужум уюштиради. Хусусан, май бошида радикаллар Американинг Chevron компаниясига тегишли нефть платформасини портлатган эди.
Изоҳ (0)