«Севилья» жамоаси Европа Лигаси финалида «Ливерпуль» клубини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, бош соврин ҳамда келаси мавсумда Европа Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини кўлга киритди. Бу эса Испаниянинг бешта клуби ЕЧЛ иштирокчисига айланганини англатади, деб хабар бермоқда «Чемпионат».
Испания чемпионатининг мос равишда 1–3-ўрин эгалари — «Барселона», «Реал» ва «Атлетико» клубларига ЕЧЛ турнирини гуруҳ босқичидан бошлаш ҳуқуқи берилган. Улар қаторига «Севилья» ҳам қўшилди. Ла Лигани тўртинчи ўринда якунлаган «Вильярреал» ЕЧЛни плей-офф босқичидан бошлайди.
2014/15 йилги мавсумдан бошлаб Европа Лигаси ғолибига Европа Чемпионлар Лигасининг камида плей-офф босқичидан иштирок этиш ҳуқуқи берилган. ЕЧЛнинг бўлажак ғолиби – «Атлетико» ёки «Реал» Испания чемпионатида шундай ўрин эгаллаганки, 2016/17 йилги мавсумда ЕЧЛни гуруҳ босқичидан бошлайди. Шу сабабли, «Севилья» ҳам келаси мавсумда Чемпионлар Лигасидаги иштирокини гуруҳ босқичидан бошлаш имкониятига эга бўлди.
Изоҳ (0)