Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Швейцариянинг Женева шаҳрида давом этаётган, мукофот жамғармаси 556 195 еврони ташкил қилувчи Banque Eric Sturdza Geneva Open теннис турнирини жароҳати туфайли тарк этишга мажбур бўлди, деб хабар бемоқда beIN Sports.
ATP рейтингида 64-поғонани эгаллаб турган Истомин кеча, 18 май куни мусобақанинг иккинчи даврасида дунёнинг 12-ракеткаси, мазкур турнирда иккинчи рақам остида таснифланган испаниялик Давид Феррерга қарши кортга чиқди.
Ўзбекистонлик 29 ёшли теннисчи дастлабки сетни 6:3 ҳисобида ўз фойдасига қилган ва иккинчи сетда 3:2 ҳисобида олдинда бораётган эди. Бироқ Ўзбекистон вакили жароҳати сабабли учрашувни давом эттира олмади ва мусобақани тарк этишга мажбур бўлди.
Эслатиб ўтамиз, илк даврада Истомин саралаш баҳслари ғолибларидан бири германиялик Флориан Майерни 6:2, 6:3 ҳисобида мағлуб этганди.
Изоҳ (0)