26–28 май кунлари Бухоро шаҳрида XV Ипак ва зираворлар фестивали ўтказилади. Байрам тадбирлари шаҳарнинг тарихий қисмидан иштирокчиларнинг миллий либосларда ўтишидан бошланади, деб хабар бермоқда «Газета.uz».
Тадбирлар дастури доирасида озиқ-овқат ярмаркаси ўтказилиб, унда маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини намойиш этади. Гиламдўзлик, тикувчилик, ҳунармандчилик усталари ўз соҳалари бўйича маҳорат дарсларини ўтказади. Дастурга, шунингдек, ёш дизайнерларнинг атлас ва адрас либослари намойиши киритилган.
«Бухоронинг тарихий, ижтимоий-маданий анъаналарини ривожлантириш замонавий тамаддун талаблари кесимида» мавзуидаги конференцияда дипломатик корпуслар, халқаро ташкилотлар, маҳаллий ва хорижий мутахассислар туристик инфраструктура ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқади. Ҳамкорлик юзасидан ҳамда бир қатор инвестицион лойиҳалар бўйича шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
Фестивалнинг кўнгилочар қисмига республиканинг турли минтақаларидан ташриф буюрган фольклор жамоаларининг концертлари ва гала-концерт киритилган. Фестиваль меҳмонлари, шунингдек, халқ ўйинларини — қўй ва хўроз жанги, дорбозлик — кузатиши мумкин бўлади. Палов сайли эса ошпазлар ўртасидаги мусобақани кузатиш имконини беради.
Изоҳ (0)