Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида янги барпо этилган Хотира ва қадрлаш майдонининг очилиш маросими бўлди, деб хабар берди ЎзА.
Ўзбекистон президентининг 2015 йил 22 майдаги «2015—2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида бунёд этилган майдоннинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирок этди.
Хотира ва қадрлаш майдонини барпо этиш учун 6 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланди. Икки гектар жойни эгаллаган замонавий майдонда Мотамсаро она ҳайкали қад ростлади. Турли манзарали дарахт ва анвойи гуллар билан бурканган майдонда замонавий архитектура ва меъморлик анъаналарини мужассам этган кенг айвон барпо этилиб, алюминийдан тайёрланган махсус китоблар ўрнатилди. Ушбу китобларга Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган сурхондарёликларнинг исм-фамилияси зарҳал ҳарфлар билан битилган.
Изоҳ (0)