Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон пойтахтида ташкил этилаётган тадбирлар рўйхатини эълон қилди.
Ушбу кунни муносиб ўтказиш юзасидан пойтахт ҳокимлиги ҳам бир қатор тадбирларни ташкил этишни режалаштирмоқда. Жумладан, ҳар бир туман ҳокимлиги ўз ҳудудида ушбу санани муносиб нишонлаш бўйича аниқ тадбирларни белгилаб олган.
Жорий йилнинг 15 апрелидан то 15 май кунигача давом этадиган тадбирлардан 1941—1945 йиллардаги уруш иштирокчиларининг уйларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга совғалар улашиш, уй-жой шароитларини ўрганиб, зарур чоралар кўриш, байрам билан қутлаш ишлари алоҳида ўрин олган. Жойларда маданият, санъат ва спорт, адабиёт соҳаларининг вакиллари иштирокида учрашувлар, концерт дастурлари ташкил этилади.
Ҳар йили таълим муассасаларида ўтказиладиган «Авлодлар учрашуви», «Эъзоз», «Эҳтиром» каби тадбирларга жорий йилда «Тинчлик дарси» қўшилади. Ушбу дарсларда ижодкорлар томонидан тайёрланган «Тинчлик – улуғ неъмат» деб номланган ҳужжатли фильм намойиши, тинчликнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги мавзусидаги қизиқарли маърузалар талаба ва ўқувчи ёшлар эътиборига ҳавола қилинади.
Айни ёшларнинг уруш фахрийлари, фронт ортида меҳнат қилган нуроний отахон ва онахонлар ҳузурига ташриф буюриб, бир томондан, уларнинг ҳолидан хабар олишлари, иккинчи томондан, уларнинг хотираларидан баҳрамад бўлишларига қаратилган «Табрик» тадбирлари бу кунларнинг қадрига етишда ёш авлод қалбида катта ўрин тутиши шубҳасиз.
Талаба ва ўқувчи ёшларнинг Хотира ва қадрлаш майдони, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Қуролли кучлар музейи ҳамда «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасига мўлжалланаётган саёҳатлари ҳам айни шу мақсадга хизмат қилиши шубҳасиз.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Мустақиллик майдонининг Хотира майдонида расмий тадбирларнинг бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Баъзи сайтларда назарда тутилаётган «Ўлмас полк» акцияси режалаштирилаётган тадбирлар рўйхатида мавжуд эмас.
Изоҳ (0)