«Жабҳат ан-Нусра» гуруҳи террорчилари ва уларнинг мухолифат қуролли тузилмаларидаги иттифоқчилари Алепподаги турар-жой кварталларини олти кундан буён ўққа тутмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.
Манбаларда маълум қилинишича, олти кун ичида отишмалар оқибатида 89 нафар тинч аҳоли вакили қурбон бўлган, 500 дан ортиқ фуқаро жароҳат олган. Жабрланганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.
Жангарилар томонидан курдлар истиқомат қилувчи Холидия, Азимия, Сулаймония, Машарика, Майдан ва Ждейда кварталлари, шунингдек, Ашрафия ва Шайх Мақсуд туманлари ўққа тутилган.
30 апрель, шанба куни ўт очмаслик режимини бузган ҳолда Нил кўчасида ўт очилган. У ерда бир нафар ўсмир ҳалок бўлган, яна бир неча киши яраланган. Суриялик ҳарбийлар Бани Зайд туманидаги жиноий тузилмалар позицияларига нисбатан жавоб ҳужумини амалга оширган.