Гонконгнинг Rex Global Entertainment инвестицион холдинги Россиянинг Yota Devices компанияси акцияларининг 30 фоизини харид қилмоқчи. Бу ҳақда «Hi-Tech.Mail.ru» хабар бермоқда.
Илгари гонконглик инвесторлар компаниянинг 64,9 фоиз акцияларини сотиб олиши маълум қилинган эди — Россиянинг Telconet Capital жамғармасига айнан мана шу миқдордаги улуш тегишли, аммо келишув амалга ошмай қолди. 22 апрель куни тўпланган акциядорлар йиғилиши янги шартларга асосланган келишувни маъқуллади. Келишув 1 майга қадар ёпилади.
Янги шартларга кўра, Rex Global Entertainment холдинги Yota Devices’нинг 30 фоиз акциясини 46 миллион долларга харид қилади. Бундан ташқари, холдинг компаниянинг Telconet олдидаги қарзини узади — бу 7 миллион доллар миқдоридаги кредит (сумма 15 миллион долларгача кўтарилиши мумкинлиги айтилмоқда) ва Британия Виргиния оролларида рўйхатга олинган Yota BVI шуъба корхонасига берилган 27 миллион доллар ҳажмидаги заёмдир.
Акциялардан ташқари, холдинг Хитой ҳудудида етти йилга Yota Devices’нинг интеллектуал мулкига эгалик ҳуқуқини қўлга киритади.
Rex Global Entertainment россиялик тижоратчилар, Telconet Capital жамғармаси асосчилари Сергей Адоньев ва Альберт Авдоляннинг акцияларини сотиб олади. Шундан сўнг жамғармада Yota Devices’нинг 34,9 фоиз акциялари қолади.
Компания акцияларининг яна 10 фоизи Yota Devices бош директори Владислав Мартиновга ва бошқа миноритар акциядорларга, 25,1 фоиз акциялар эса «Ростех» давлат корпорациясига тегишли.
Изоҳ (0)