Ўзбекистонда Европа Иттифоқи тарафидан молиялаштирилаётган «Уйга, тўлақонли ҳаётга қайтиш» (Returning PATH: Promoting Access to Basic Human Rights for Vulnerable Women and Men) лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Бу ҳақда «Газета.uz» ёзмоқда.
Лойиҳа Тошкентда ижтимоий кўмак маркази ташкил этиб, у орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига руҳий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларнинг касбий тайёргарлик кўришига кўмак беришни кўзда тутади.
Икки йилдан ортиқ давом этадиган лойиҳани Германия халқ университетлари уюшмаси (DVV International) амалга оширмоқда. У Тошкент шаҳри ва вилоятида истиқомат қиладиган, жазони ўташ жойларидан озод қилинган, гиёҳванд моддаларга ружу қўйган, ОИВ ва силга йўлиққан 1200 эркак ва аёлни қамраб олади.
«Интилиш» Республика ахборий-маърифий маркази негизида ташкил этиладиган янги муассасада саккиз ходим ишлайди, унинг фаолиятида, шунингдек, турли ташкилотларнинг 220 нафар ходими иштирок этади.
Марказнинг асосий вазифалари сирасига ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари вакилларига йўқотилган ижтимоий ришталарни тиклашда, ишга жойлашишда ва жамиятда ўз ўрнини қидиришга мотивация шакллантиришда кўмаклашиш киради.
Изоҳ (0)