Аргентина пойтахтида бўлиб ўтаётган электрон мусиқа фестивалида номаълум моддани истеъмол қилиш оқибатида 21 ёшдан 25 ёшгача бўлган беш киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда, Буэнос-Айрес тез ёрдам хизмати раҳбари маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Маълум қилинишича, яна беш киши кома ҳолатига тушган. Жабрланганлар сунъий нафас бериш қурилмасига уланган, уларнинг аҳволи оғир эканлиги қайд этилмоқда. Улар шифохонага ҳушсиз аҳволда, юқори тана ҳарорати (42 даража) ва юрак уришининг бузилиши билан олиб келинган.
Фестивалнинг яна бир неча иштирокчиси заҳарланиш аломатлари билан тиббий ёрдам учун мурожаат қилган. Дастлабки таҳлиллар жабрланганлар аллақандай синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилганлигини кўрсатган.
Буэнос-Айрес ҳукумати фестивалнинг иккинчи кунини бекор қилиш ва ҳодиса тафсилотлари аниқлангунига қадар у бўлиб ўтган мажмуани ёпишга қарор қилган.