Кеча, 15 апрель куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт саройида дзюдо бўйича Осиё чемпионати старт олди. Мусобақанинг биринчи кунида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган дзюдочилардан Диёрбек Ўрозбоев ҳамда Мирали Шарипов мос равишда кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Энг енгил ҳисобланган -60 килограмм вазн тоифасида Диёрбек Ўрозбоев финалга қадар кечган беллашувларда Эрон, Хитой Тайпейи ва Қозоғистон терма жамоаси аъзоларини мағлуб этиб, кумуш медаль совриндори бўлди. Ҳал қилувчи баҳсда ҳам Диёрбек қозоғистонлик рақиби Елдос Сметовдан сўнгги сонияларга қадар устунлик қилаётган эди, бироқ беллашувнинг сўнгги сонияларида ўзбекистонлик дзюдочига бироз омад етишмади.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига бронза медалини Мирали Шарипов келтирди. Оғирлик вазни -73 килограмм бўлган полвонлар баҳсида иштирок этган ўзбекистонлик дзюдочи саралаш босқичида дастлаб қирғизистонлик Тариэл Усеновни енгиб, иккинчи даврада япониялик Соичи Хашимотога ютқазиб қўйди. Ўтиш босқичида курашни давом эттирган Шарипов дастлаб тожикистонлик Шуҳратжон Фархизодани, учинчи ўрин учун кечган беллашувда эса қозоғистонлик Дастан Якубаевни муддатдан аввал мағлубиятга учратди ва бронза медалини қўлга киритди.
Маълумот учун, мазкур Осиё чемпионатида Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколари ҳам ўйналмоқда. Хусусан, биринчи ўрин соҳиблари 400, кумуш медаль совриндорлари 260, учинчи ўрин эгалари эса 160 рейтинг очкосига эга бўлади.
Изоҳ (0)