Жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида 178 та давлат активи 216 миллиард сўмга яқин инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган ҳолда хусусий мулкка сотилди. Устав фондларида давлат улушлари бўлган акциядорлик жамиятлари сони 2015 йилнинг шу давридаги 378 та ўрнига 209 тагача қисқарди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 15 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида айтилди, деб хабар беради ЎзА.
Мажлис давомида хўжалик бирлашмалари, акциядорлик жамиятлари раҳбарларига Давлат рақобат қўмитаси билан биргаликда 2015 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро инвестиция форумида эришилган аҳдлашувларга мувофиқ давлатнинг ва хўжалик бирлашмаларининг активларини хорижий инвесторларга сотишни тезлаштириш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўриш топширилди. Улар олдига, шунингдек, акциядорлик жамиятларининг устав фондларида хорижий капитал улушини камида 15 фоиз миқдорида таъминлаш мақсадида уларнинг устав фондларига потенциал хорижий инвесторларни фаол жалб этиш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.