Ўзбекистонлик теннисчи Темур Исмоилов Бухоро шаҳрида давом этаётган, мукофот жамғармаси 25 минг долларни ташкил қилувчи Bukhara International теннис турнирининг финалига чиқди.
Халқаро теннис федерацияси расмий сайтининг маълум қилишича, дастлабки ярим финалда икки нафар ўзбекистонлик теннисчи — Темур Исмоилов ва Ҳумоюн Султонов ўзаро баҳс олиб борди. Икки соат 21 дақиқа давом этган беллашувда 6:2, 6:7, 6:4 ҳисоби қайд этилиб, Исмоиловнинг фойдасига ҳал бўлди.
Иккинчи ярим финалда беларуслик Илья Ивашка Босния ва Герцеговина вакили Томислав Бркични 7:6, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратди. Мусобақа финалида ўзбекистонлик теннисчи Илья Ивашкага қарши баҳс олиб борадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Темур Исмоилов илк даврада ўзбекистонлик Павел Цойни 6:2, 6:2, иккинчи даврада сербиялик Илия Вучични 6:2, 6:1, чорак финалда эса Михаил Ледовскихни 6:1, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Изоҳ (0)