Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида жорий йилнинг 7 апрель куни Жанубий Кореянинг LG CNS компаниясининг янги тайинланган президенти Ким Ён Соб билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар беради.
Учрашув давомида томонлар LG CNS Uzbekistan қўшма корхонаси томонидан айни пайтда амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги ривожи хусусида фикр-мулоҳазаларини баён этди. Хусусан, халқаро андоза талабларига жавоб берадиган дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, корхонага малакали мутахассисларни жалб этиш ва маҳаллий кадрлар салоҳиятини ошириб бориш, хорижий бозорга чиқиш билан боғлиқ жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.
LG CNS компаниясига 1987 йилда LG корпорацияси томонидан асос солинган. У Жанубий Кореяда ахборот технологиялари соҳасида хизмат кўрсатувчи энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади. Дунё бўйича ўндан ортиқ ҳудудий офисига эга бўлиб, улардаги ходимлар сони олти минг кишини ташкил этади.
Изоҳ (0)