Англиянинг «Манчестер Юнайтед» футбол клуби раҳбарияти ёзги трансфер ойнаси давомида янги футболчилар харид қилиши учун жамоа бош мураббийи Луи ван Галга 100 миллион евро ажратади, деб De Telegraaf’га таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Манбанинг маълум қилишича, клубнинг трансфер ойнасидаги асосий нишони «Эвертон» жамоасининг бельгиялик ҳужумчиси Ромелу Лукаку бўлади. «МЮ» 22 ёшли футболчининг трансферига 70 миллион евро сарфлашга тайёрлиги билдирилган.
Аввалроқ Луи ван Гал жорий йилнинг ёзида «Манчестер Юнайтед»ни тарк этиши ва унинг ўрнини «Челси» собиқ устози Жозе Моуриньо эгаллаши ҳақида хабар берилган эди.
Луи ван Гал 2014 йилнинг май ойида, Бразилияда бўлиб ўтган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида Голландия терма жамоасини бронза медали совриндорига айлантирганидан сўнг, «Манчестер Юнайтед» билан шартнома имзолаган эди. Фаолияти давомида 64 ёшли голландиялик мутахассис «Аякс», «Барселона» ва «Бавария» клубларини ҳам бошқарган.
Ван Галнинг «Манчестер Юнайтед» билан шартномаси 2017 йилга қадар мўлжалланган. Ван Гал келишув якунига етганидан сўнг профессионал фаолиятини якунлашини таъкидлаган.
«Манчестер Юнайтед» жамоаси Англия чемпионатида 31 та ўйиндан сўнг 53 очко тўплаган ҳолда 5-ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)