Ўтган дам олиш кунларида Тоғли Қорабоғда кучайган тўқнашувлар натижасида камида 33 киши ҳалок бўлди, 200 дан зиёд киши яраланди. Бундай маълумотларни 3 апрель, якшанба куни БМТнинг Гуманитар масалалар координацияси бўйича бошқармаси келтириб ўтди, деб ёзади «ТАСС».
«Арманистон ва Озарбайжондаги расмий манбаларга кўра, жанговар ҳаракатлар натижасида камида 30 аскар ва 3 нафар тинч аҳоли вакили нобуд бўлган. Яраланганлар сони расман тасдиқланмаган. Норасмий манбаларга кўра, ушбу рақам 200 дан ортиқ дея баҳоланмоқда», — дейилади ҳужжатда.
Бошқарма маълумотларига мувофиқ, ҳарбий ҳаракатлар бўлиб ўтган қишлоқларда 14,4 мингга яқин киши яшайди.
«Озарбайжон ҳукумати одамлар мамлакат ичида кўчирилмаганини маълум қилди, Арманистон томонидан эса 50 киши Еревандан вақтинчалик бошпана сўраган. Ҳар иккала ҳукумат ҳам халқаро гуманитар ёрдамга муҳтож эмаслигини айтди», — дея таъкидланади маърузада.
Тоғли Қорабоғда низо томонлари ўртасидаги чегарада 2 апрелга ўтар кечаси вазият кескинлашди: шафқатсиз тўқнашувлар бошланди, шундан сўнг томонлар бир-бирини ярашув сулҳини бузишда айблади.