Рио—2016 Олимпиадасида Ўзбекистон шарафини 11 нафар боксчи ҳимоя қилади. Бу Ўзбекистон бокс терма жамоаси учун рекорд кўрсаткичдир.
Ҳозирга қадар бу борадаги энг яхши кўрсаткич 2000 йилги Синдей Олимпиадаси билан боғлиқ бўлиб, яшил қитъада Ўзбекистон шарафини 10 нафар чарм қўлқоп устаси ҳимоя қилган. Бу эркаклар ўртасидаги мусобақанинг барча — 10 та вазн тоифасида биттадан ўзбекистонлик спортчи иштирок этганидан далолат беради.
Кеча, 31 март куни Хитойнинг Сиан Ан шаҳрида бокс бўйича Рио—2016 йўлланмалари учун Осиё ва Океания минтақаларининг қўшма лицензион турнирининг ярим финал беллашувлари ўз ниҳоясига етди ва унда иштирок этаётган етти нафар ўзбекистонлик спортчининг барчаси Олимпиада лицензиясини қўлга киритди. Бу эса Ўзбекистон бокс терма жамоаси тарихда иккинчи бор барча вазн тоифасида Олимпиадада иштирок этишини билдиради.
Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган ўзбекистонлик биринчи аёл боксчи Ёдгорой Мирзаевани ҳам қўшиб ҳисоблаганда, Риодаги олимпия ўйинларига йўлланма олган боксчиларнинг умумий сони 11 нафарга етди. Бу — рекорд кўрсаткич.
Аёллар ўртасидаги Олимпиада баҳсларига лицензия берувчи турнирлар ҳали давом этаётгани Ўзбекистон терма жамоаси иштирокчилар сонини ошириб олиш имкониятига эга эканлигини англатади.
Маълумот учун, Ёдгорой Мирзаева 51 килограм вазн тоифасида рингга кўтарилади, 60 ҳамда 75 килограмгача бўлган аёл спортчилар мусобақасида ўзбекистонлик спортчи ҳозирча йўқ.
Изоҳ (0)