Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда Москванинг «Локомотив» клуби ҳимоячиси Виталий Денисов кеча, 29 март куни ЖЧ—2018 саралаши доирасида Баҳрайнга қарши (1:0) кечган ўйиннинг 25-дақиқасида жароҳат олиб, майдонни тарк этганди.
Ўйин вақтида баҳрайнлик футболчи Виталий Денисовнинг бошига тепиб юборди. Мазкур нохуш ҳолатдан сўнг 29 ёшли ҳимоячи захирага олинди ва унинг ўрнига Станислав Андреев тушди. Ўзбекистонлик футболчида енгил мия чайқалиши юз бергани гумон қилинган эди.
Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян 29 ёшли Виталий Денисовнинг захирага олиниши сабабини тушунтириб берди.
«Афсуски, Виталийда енгил мия чайқалиши кузатилди. У учрашувни давом эттира олмаслигини айтиб, захирага олинишини сўради. Ўйиндан сўнг шифокорлар унинг соғлиғи яхши эканини ва у тез орада сафга қайтишини айтди», – деди Самвел Бабаян.
Шундан сўнг, воқеага ойдинлик киритиш мақсадида «Дарё» нашри Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаев билан боғланди. Санжар Ризаев кеча, 29 март куни ўйиндан кейин Виталий Денисовнинг ўзи билан меҳмонхонада учрашгани, унинг соғ-саломат эканини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ—2018 турнирига иккинчи саралаш босқичининг «H» гуруҳи 10-туридан сўнг 21 очко тўплаган ҳолда учинчи саралаш босқичига биринчи ўрин билан чиқди.
Изоҳ (0)