Россия Давлат Думаси спикери Сергей Наришкин Россия либерал-демократик партияси фракцияси етакчиси Владимир Жириновскийнинг Брюссель терактлари қурбонлари хотирасига ҳурматсизлик кўрсатиши муносабати билан унга танбеҳ берди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар қилмоқда.
23 март, чоршанба куни пленар йиғилиш чоғида спикер қуйи палата депутатларига Бельгияда ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат кўрсатиш учун ўринларидан туриб, бир дақиқа сукут сақлашни таклиф қилди.
Сукут дақиқаси тугагач, Жириновский спикернинг бу ташаббусига эътироз билдирди.
«Келажакда ўзлари ташкил этган террор қурбонларига айланганларнинг хотирасига ҳурмат кўрсатмасликни таклиф қиламан», — деди депутат.
Унга жавобан Наришкин, россиялик депутатлар ўрниларидан тураркан, бу билан террорчиликка бўлган салбий муносабатларини билдирганини таъкидлаб ўтди.
«Ғарбда жуда кўп сиёсатчилар гуманизм, ахлоқ қадриятлари ҳақида гапиришни яхши кўради. Биз учун бу шунчаки сўзлар эмас. Шу боис бизнинг ҳамдардлигимиз — бу бизнинг муносабатимиз, хусусан, ушбу ёвузлик — халқаро террорчиликка бўлган муносабатимиз, Европа хавфсизлиги бўлинмас қадрият эканлигини англашимиз белгисидир», — деди қуйи палата раиси.
Изоҳ (0)