Россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли «Металлоинвест» компаниясининг даромади молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича 2015 йилда 3,3 баробарга ўсиб, 218 миллион долларни ташкил қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизматига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
2014 йилда компания 66 миллион доллар миқдорида даромад қилган эди.
Йил якунларига кўра, компаниянинг тушуми 31 фоизга қисқариб, 4,393 миллиард долларни ташкил этди. Бу жаҳон бозорида темир хом ашёси ва пўлат нархининг тушиб кетиши туфайли содир бўлди.
EBITDA кўрсаткичи 2014 йилга нисбатан 27 фоизга камайиб, 1,4 миллиард долларга тушди, унинг рентабеллиги эса 2014 йилдаги 30,8 фоизга қарши 32,6 фоизга тенг бўлди.
Соф қарз 14,9 фоизга ёки 622 миллион долларга камайиб, 3,563 миллиард долларга тушди. «Соф қарз / EBITDA» нисбати 2,49 га кўтарилди (2014 йил 31 декабрдаги кўрсаткич — 2,13).
«Металлоинвест»нинг суммар ликвидлиги 2015 йил охирида, банклардаги 400 миллион долларлик қисқа муддатли депозитлар билан қўшиб ҳисоблаганда, 824 миллион долларни ташкил этди.
Ҳисобот даврида капитал харажатлар 29,9 фоизга тушиб, 417 миллион доллардан иборат бўлди.
«Металлоинвест» темир рудасининг аниқланган захиралари бўйича дунёда иккинчи ўринда туради — 14,5 миллиард тонна атрофида.
Компания акцияларининг 100 фоизи USM Holdings’га тегишли. Ўз навбатида, холдингнинг энг йирик бенефициари Алишер Усмонов ҳисобланади (48 фоиз). Холдингнинг бошқа акциядорлари — Владимир Скоч (30 фоиз) ва Фарҳод Моширининг (10) структураларидир.
Изоҳ (0)