Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров республика ҳудудида «диний-ахлоқий» паспортлар жорий этилишини инкор қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
«Айрим ОАВларда ёзилишича, Чеченистонда ёшларга қанақадир янги «паспортлар» берилаётган эмиш. Эслатиб ўтмоқчиман, мамлакатимизда фақат битта паспорт бор – Россия фуқароси паспорти! Қолгани уйдирмадир!», – деб ёзди Қодиров Instagram’даги саҳифасида.
Илгарироқ Чеченистон парламенти депутати Адам Маликов 14-35 ёшдаги чеченистонликлар диний-ахлоқий паспортлар олишга мажбур бўлишини таъкидлаган эди. Чеченистон парламенти сайтида чоп этилган хабарга кўра, бундай топшириқ республика раҳбари томонидан берилган.
«Ушбу чоралар ўз вақтида қабул қилинган чорадир. Бугун турли экстремистик гуруҳлар ёшлар онгини ёлғон ғоялар билан заҳарлашга уринмоқда. Шунинг учун қимматли вақтни кетказмасдан, экстремизм ва террорчилик намоён бўлишининг ҳар қандай шаклига барҳам беришимиз лозим», — деган эди депутат Адам Маликов.
Янги паспортларда ёшларнинг шахсий қобилиятлари, миллати, қайси тоифа ва диний жамоага тегишлилиги кўрсатилиши айтилган эди.
Аммо Қодировнинг тушунтиришича, гап фақат экстремизм ва террорчиликка қарши кураш чораларини кучайтириш ҳақида кетмоқда. Бунда маҳаллий бошқарув органлари, руҳонийлар ва жамоат ташкилотлари ёшлар орасида тушунтириш ишлари олиб бориш ҳамда уларнинг радикал оқимларга кириб қолмаслиги йўлида чоралар кўришда қатнашиши кўзда тутилмоқда.
Изоҳ (0)