«Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси Тамила тахаллуси остида ижод қилиб келган Эсмералда Раҳматованинг лицензиясини 2016 йил 1 февралдан тугатди. Бу ҳақда бирлашма матбуот хизмати хабар қилди.
«Ўзбекнаво»нинг расмий билдиришида қайд этилишича, Тамиланинг лицензияси «лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартлар мунтазам равишда бузилганлиги сабабли» тугатилган.
«Ўзбекнаво» Тамила лицензия битимидаги айнан қайси талаб ва шартларни мунтазам бузганига аниқлик киритмаган. Тамила билан бирга Замир тахаллуси остида ижод қилиб келган Асқаржон Маликовнинг лицензияси ҳам худди шу сабаб билан тугатилган.
Аввалроқ Тамиланинг ахлоқсиз ҳаракатлари акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тарқалиб кетган ва бу ҳолат фаол баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Шов-шувлар сабаб Тамиланинг продюсери хонанда билан шартномани бекор қилди.
Кейинроқ, интернет фойдаланувчиларнинг давомли салбий фикрлари таъсири остида, Тамила Instagram’даги 100 мингдан ортиқ фойдаланувчи кузатиб борувчи саҳифасини ёпди, шунингдек, унинг Қозоғистонга кўчиб ўтгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Қайд этиш жоиз, Тамила бундан аввал лицензиясидан маҳрум қилинган, бироқ 2015 йил ноябрида «Ўзбекнаво»дан янги лицензия олганди. Унинг мазкур лицензияси амал қилиш муддати 2016 йил август ойида якунига етарди.