Renault бош директори Карлос Гон Франция автомашина ишлаб чиқарувчи корхонасининг Хитойда 30 000 юань (4200 евро) қийматидаги электромобил сотиш ва ушбу русумдаги транспорт воситасини бошқа ривожланаётган бозорларга олиб чиқиш режаси борлигини баён қилди. Бу ҳақда «LesEchos.fr» берган маълумотларга асосан «Ведомости» хабар қилмоқда.
«Хитой бозорига қиммат бўлмаган электромобил таклиф қилиш ниятимиз бор. Бу бозорда яқин йилларда инқилобий ўзгаришлар кутилмоқда», ― деди Гон Renault’нинг Хитойдаги илк заводини ишга тушириш маросимида.
Renault ва Nissan бош директори Гоннинг маълум қилишича, давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдамнинг даражасидан қатъи назар, рақобатбардош бўлиш керак. Айни вақтда Хитой ҳукумати электромобил харид қилиш ниятида бўлган харидорларга 100 минг юань миқдорида кўмак бериб келаётган бўлса-да, бу ёрдам фақат маҳаллий автомашиналарга нисбатан татбиқ этилмоқда. Шунинг учун, электрик транспорт воситалари, шу жумладан, Nissan’нинг арзон электромобили Renault-Nissan иттифоқининг савдо белгилари остида эмас, балки, корхонанинг Хитойдаги шериги Dongfeng ёки бошқа маҳаллий ишлаб чиқарувчининг бренди билан сотувга чиқарилади.
Маълум қилинишича, иттифоқ Осиё ва Жанубий Американинг йирик мегаполисларидаги экологик муаммоларнинг кўпайиб кетаётганлигига асосланган ҳолда фаолият юритиш ниятида. Шу билан бирга, катта шаҳарларнинг электрик автомашиналарга нисбатан бўлган қизиқиши ошиб бораётганлигига қарамасдан, арзон нефть бу каби техниканинг автомашина бозоридаги улушини чеклаб турмоқда.
Изоҳ (0)