2015 йилнинг 28 сентябрида Google.com доменини тасодифан сотиб олган Санмей Вэдни Google компанияси хатоликни аниқлагани учун 6006,13 доллар билан мукофотлади, дея хабар бермоқда «Vc.ru». Ушбу сумма ортида компания номи билан боғлиқ ҳазил яширинган.
«Биз Вэдга тақдим этган компенсация 6006,13 долларни ташкил этди — бу ёзувда Google’га ўхшаб кетади. Санмей уни хайрияга топширмоқчи эканлигини билганимиздан сўнг маблағни икки карра оширдик», — дейилади Google хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Вед Google Domains сервиси орқали янги домен қидираётганида тасодифан Google.com домени бўш эканлигини пайқаб қолади (тизимдаги хатолик туфайли) ва 12 доллар эвазига уни харид қилади. Шундан сўнг Санмейга Google.com домени эгаси эканлигини тасдиқловчи электрон хат келади. Вэднинг таъкидлашича, бир дақиқа давомида сайтни бошқариш ҳуқуқига эга бўлган. Бу муддат ўтгач, Google Domains олди-сотдини бекор қилади ва харидорга пулини қайтаради.
Йигит Google тақдим этган мукофотнинг аниқ суммасини айтмаган, бироқ у 10 минг доллардан зиёдлигини таъкидлаган эди. Вэд барча маблағни Ҳиндистоннинг энг қашшоқ ҳудудларида таълим ҳуқуқи учун курашадиган The Art of Living India ташкилотига хайрия қилди.
Изоҳ (0)