Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ўтган қисқа вақт ичида эришган ютуқларидан бири Халқаро олимпия қўмитаси, Осиё олимпия кенгаши, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси ва қатор халқаро спорт федерациялари ҳамда ташкилотлари билан ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиққанлиги бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.
Биргина 2013—2015 йилларда Ўзбекистонга Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси раҳбари, Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳд ал-Сабоҳ, Осиё Паралимпия қўмитасининг ўша пайтдаги раҳбари Дато Абу Зайнал Абу Зарин, шунингдек, Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган спортнинг қатор турлари бўйича халқаро федерациялар раҳбарлари, Осиё-Тинч океани телерадио эшиттирувчилар уюшмаси Бош котиби Жавад Моттаги, Жаҳон допингга қарши кураш агентлигининг Осиё-Океания минтақаси бўйича раҳбари Казухиро Хаяши ва Марказий Осиё давлатлари бўйича допингга қарши кураш ташкилоти раиси Маира Бакашева каби қатор халқаро спорт ташкилотларининг раҳбарлари ташриф буюриб, Ўзбекистонда олимпия ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди.
Бугунги кунда Тошкент марказида қад ростлаган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги биноси Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах таърифи билан айтганда «дунёда энг кўркам ва маҳобатли Олимпия қўмитаси»дир.
Ушбу бинода республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ҳам ташкил этилган бўлиб, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича терма жамоа аъзолари ана шу марказда малакали мутахассислар кўригидан ўтмоқда. Марказда нафақат ўзбекистонлик балки хориждан таклиф этилган етакчи шифокорлар ҳам фаолият олиб боришмоқда. Бу ерда 585 турдаги энг сўнгги тиббий ускуналар ўрнатилган.
Изоҳ (0)