Нью-Йоркдаги заргарнинг сейфидан 5 миллиондан 10 миллион долларгача қийматга эга бўлган олмослар ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда New York Daily News нашри берган маълумотларга асосан «РБК» хабар қилмоқда.
Заргар Жонатан Бирнбаум, офисдаги сейфида бўлган олмосларнинг йўқолганлиги 9 декабрь, чоршанба куни аниқланганлигини полицияга маълум қилган.
Бирнбаумнинг таъкидлашича, у олмосларни учта ёғоч қутига жойлаштириб, сейфга 24 ноябрь куни яшириб қўйган.
Сақланаётган бошқа қимматбаҳо буюмлардан фойдаланишга осон бўлиши учун иш вақтида сейф очиқ туришини заргар тан олди. У ўғирланган олмослардан кам фойдаланганлигини маълум қилди.
Хабар қилинишича, айни дамда полиция сейфдан фойдаланишга имконияти бўлган беш нафар офис ишчиларини қидирмоқда.