Қатар пойтахти Доҳада жойлашган «Ҳамад» халқаро аэропортининг томи кучли ёғингарчиликларга дош бера олмади. Ноқулай об-ҳаво туфайли конструкцияда жиддий нуқсонлар юзага келди, деб хабар беради «ТАСС».
«Ҳамад» аэропорти мамлакатда футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш билан боғлиқ Қатар инфратузилмасининг муҳим элементи ҳисобланади. Аэропорт 2014 йилнинг 30 апрелида фойдаланишга топширилган эди. Лойиҳага 15 миллиард доллар маблағ сарфланган.
Доҳада ёққан кучли ёғингарчилик натижасида аэропорт томининг бир нечта жойидан чакка ўтди.
Қатар бош вазири Шайх Абдуллоҳ бин Носир бин Халифа Ол Соний қурилишда иштирок этган бешта компанияга нисбатан текшириш ўтказиш ҳақида топшириқ берди.
Олдинроқ Қатар пойтахтида бир кунда ёғингарчиликнинг йиллик нормаси ёғиб, сув тошқинлари кузатилгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)