Twitter компаниясида ходимлар сони оммавий равишда қисқартирилиши кутилмоқда. Recode нашрининг ўз манбаларига асосланиб хабар беришича, ходимларни ишдан бўшатиш келаси ҳафтадан бошланади.
Нашр маълумотларига кўра, компаниянинг барча бўлинмалари ходимлари сони қисқартирилади. Айнан қанча одам ишсиз қолиши ҳозирча номаълум, бироқ бу ҳолат, асосан, муҳандисларга дахл қилади — Twitter ходимларининг қарийб 50 фоизи айнан шундай мутахассисларни ташкил этади.
Ходимлар сони компания самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган реструктуризация доирасида юз беради. «Биз миш-мишлар ва уйдирмаларга изоҳ бермаймиз», — деди Twitter вакили. Маълумот учун, 5 октябрь куни Twitter асосчиларидан бири Жек Дорси расман компания бош директори этиб тайинланган эди.
Twitter компаниясига 2006 йилда асос солинган бўлиб, бош қароргоҳи Сан-Францискода жойлашган. Компанияда ҳозирги вақтда тахминан 4,1 минг ходим меҳнат қилмоқда.