Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида 16 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасидаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси якунига етиб боряпти, деб хабар берди «Оламспорт».
Дунёнинг кучли жамоалари қаторида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳам ушбу нуфузли мусобақада иштирок этяпти. Маматқул Ҳайлаев мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси 7-турда пешқадам эронлик шахматчилар билан дона сурди.
Шу тургача мағлубият нималигини билмай келаётган Ўзбекистон терма жамоаси кучли рақибга 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Шамсиддин Воҳидов, Ортиқ Ниғматов ва Нодирбек Ёқуббоев кучли рақиблари билан дуранг ўйнади. Аммо сўнгги баҳсда Баҳора Абдусатторова рейтингда ўзидан анча юқори турган Араш Таҳбазга ютқазиб қўйди.
Пешқадамлардан бири Венгрия терма жамоаси бу турда Россия билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Бугун Ўзбекистон терма жамоаси 8-турда Канада терма жамоаси шахматчилари билан баҳс олиб боришади. Ҳозирча Ўзбекистон терма жамоаси қўшимча кўрсаткичларга кўра турнир жадвалида 12-ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)