Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Алоқа хизмати қарорига мувофиқ, мамлакат интернет-провайдерлари ва мобил алоқа операторлари Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube видеохостингини блок қилди. «Ведомости» хабарига кўра, бу ҳақдаги кўрсатма оғзаки кўринишда берилган.
«Биз Алоқа хизматининг кўрсатмасига мувофиқ фойдаланувчиларимизнинг Facebook ва YouTube’га киришини чекладик. Бу қарорга нима сабаб бўлганини бизга тушунтиришгани йўқ», — деди компаниялардан бирининг вакили.
Тожикистон интернет-провайдерлари ассоциацияси раҳбари Асомиддин Атоев ҳам Facebook ва YouTube’га нисбатан жорий этилган чекловлардан бохабарлигини, бироқ бу чекловларга айнан нима сабаб бўлганини билмаслигини маълум қилди.
Тожикистон ҳукумати чет эл ижтимоий тармоқлари ва бир қатор ОАВ сайтларини охирги марта 29 майдан 9 июнга қадар блок қилганди. Ўшанда таҳлилчилар бу ҳолатни мамлакатда жаҳоннинг 99 мамлакатидан 1,5 мингдан ортиқ вакиллар, хусусан, БМТ бош котиби Пан Ги Мун ҳам ташриф буюрган уч кунлик йирик халқаро конференция ўтказилаётгани билан изоҳлаганди.
Изоҳ (0)