Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан жорий йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги сифатида эълон қилинган, деб ёзади «Халқ сўзи» газетаси. Шу муносабат билан жойларда бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари жадал тус олди. 22—23 август кунлари бўлиб ўтадиган умумхалқ хайрия ҳашарида бу борадаги тадбирлар кўлами янада кенгайиши, шубҳасиз.
Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтадиган умумхалқ хайрия ҳашари олдидан республикадаги барча ташкилот, корхона ҳамда муассасаларда мазкур тадбирни пухта ташкил этиш ва юқори савияда ўтказишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Хусусан, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ҳамда ҳудудий тузилмалари ва Ўзбекистондаги 10 мингга яқин фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳашар кунлари амалга ошириладиган кенг кўламли вазифалар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ҳамда ҳовлилар атрофларини, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонларни ҳамда кўча ва йўлакларни тартибга келтириш, дарахтларга шакл бериш, ҳудудларни маиший ҳамда қурилиш чиқиндиларидан тозалаш ва бошқа юмушлар бажарилади.
— Мустақиллик — бебаҳо неъмат. Ҳар биримиз учун унинг қадри юксак, аҳамияти беқиёс, — дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг ўринбосари Д. Усманов. — Энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарида 17,5 миллион нафарга яқин киши, жумладан, 10 миллион нафардан зиёд ёшларнинг иштирок этиши кутилаётгани ҳам ана шундан далолатдир. Уларнинг ёрдами билан кўчалар, йўл ва майдонлар ободонлаштирилади, ариқ ҳамда лотоклар тозаланади, дарахтларга шакл берилади. Эҳтиёжманд оилаларга, ногирон ва ёлғиз қарияларга моддий ёрдамлар кўрсатилади. Айни чоғда юртдошларимизга байрам туҳфаси сифатида маиший хизмат шохобчалари, ишлаб чиқариш цехлари, маҳалла гузарлари ҳамда болалар спорт майдончалари ишга туширилади.
Умумхалқ хайрия ҳашаридан тушадиган маблағларнинг аксарият қисми «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини изчиллик билан давом эттиришга йўналтирилади.
Изоҳ (0)