Маҳаллий мева ва сабзавотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, БМТ Тараққиёт дастурининг «Савдо ривожланишига кўмаклашиш» лойиҳаси томонидан, GlobalG.A.P. стандарти бўйича халқаро эксперт Эдите Страздиняни (Латвия) жалб қилган ҳолда, Самарқанд ва Сирдарё туманларида жойлашган мева ва полиз маҳсулотларини етиштирадиган учта агрофирмада ушбу стандартни татбиқ этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Дарё»га хабар берди.
Шу жумладан, жорий йилнинг 3−8 август кунлари давомида халқаро эксперт томонидан мазкур агрофирмаларни GlobalG.A.P. стандартининг талабларига жавоб бериши юзасидан ўрганиш ишлари амалга оширилган, хусусан, озиқ-овқат хавфсизлиги, санитар ва гигиена мезонлари, сув ресурсларидан фойдаланиш, маҳсулотларни сақлаш ва логистикаси шулар қаторида. Амалга оширилган ишлар натижасида агрофирмаларни GlobalG.A.P. стандартига мос бўлиши мақсадида эксперт томонидан тегишли тавсиялар ва чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.
«Бизнинг мақсадимиз – ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларга халқаро сифат стандартларини татбиқ этиш ва ҳалқаро бозорларга чиқишда кўмак бериш», − дейди Ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестициялар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилиб келаётган БМТТДнинг «Савдо ривожланишига кўмаклашиш» лойиҳаси менежери Дилшод Акбаров.
«GlobalG.A.P. стандартини татбиқ этиш – бу биринчи навбатда, фермерларнинг ўзларига фойдалидир ва шу билан бирга ушбу стандарт уларга мева ва сабзавот дунё бозорларида янада кенгроқ фаолият кўрсатиш гаровидир», − дейди эксперт Эдите Страздиня.
«Савдо ривожланишига кўмаклашиш» лойиҳаси «Марказий Осиёда савдо ривожланишига кўмаклашиш – III босқич» минтақавий лойиҳасининг Ўзбекистондаги миллий компонентидир. Ушбу лойиҳа давлат органларининг халқаро ва минтақавий савдони ривожлантириш бўйича салоҳиятини янада ошириш, савдога кўмаклашувчи ташкилотларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг савдо ва ишлаб чиқариш бўйича салоҳиятини ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича илғор усулларни амалиётга татбиқ қилиш орқали аҳоли даромадларини ошириш ва янги иш жойларини яратишда ёрдам беришга қаратилган.
GlobalG.A.P. – бу GHP, GMP ва HACCP талаблари асосида яратилган ва тан олинган халқаро стандарт тизими бўлиб, етиштирилган маҳсулотнинг хавфсилиги ҳамда мавжуд сифат ва техник талабларига мувофиқлигини таъминлашда қўлланилади.
Изоҳ (0)