Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Мусибат етган хонадон аҳлига таъзия билдириш ва баъзи маросимлар одоби ҳақида» номли фатвоси шарҳида аза ва эҳсон маросимларининг айрим жиҳатларига эътибор қаратиб ўтилди. Мақоланинг ушбу масалага бағишланган қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Маълумки, мусулмон кишисининг иккинчи бир мусулмонга нисбатан маълум ҳақ-ҳуқуқлари бор. Чунончи, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадиси шарифларида марҳамат қиладиларки: «Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида иккинчи мусулмон биродарига нисбатан олтита бурчи бордир: учрашганда салом бериш, меҳмонга чақирса бориш, маслаҳат сўраса яхши маслаҳат бериш, аксириб ҳамд айтса унга дуо билан жавоб қайтариш, бетоб бўлиб қолса кўргани бориш ва вафот этса жаноза ва дафнида қатнашиш».Шариатимиз таълимоти вафот этган киши дафн қилинган кунидан бошлаб узоғи билан уч кунга қадар аза (мотам) тутишга рухсат беради. Шу кунлари жанозага кела олмаганлар мусибат етган хонага ёки таъзияхонага келиб вафот этган кишининг яқин қариндошларига таъзия билдириши мумкин. Машҳур фатво китобларидан «Ал-фатово ал-Оламгирия»да шундай дейилган: «Шу уч кун ичида маййит чиққан хонадонда овқат қилинмайди. Таъзия билдиришга келган одамларга дастурхон ёзилмайди, зиёфат берилмайди. Мусибат етган хонадон аҳли қайғули бир ҳолатда турганда меҳмонларга қараш, уларга ош-нон тортиш мусибат устига мусибатдир».
Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳо)нинг биродари Жаъфар ибн Абу Толиб «Муъта» жангида шаҳид бўлганида оиласи ғоятда куюниб аза тутган. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) атрофдагиларга қараб: «Эй қўшнилар, Жаъфар оиласига таом қилиб чиқаринглар, чунки уларнинг бошларига шундай мусибат тушдики, улар таом ҳақида ўйлашларига имкониятлари йўқ», — деб марҳамат қилганлар. (Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар).
Бизларнинг яхши одатларимиздан бири, мусибат етган хонадон қўшнилари исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда дарҳол таом қилиб чиқарилади. Бу суннатга мувофиқ одатдир. Таом мусибат етган хонадон аҳли ва узоқдан келган меҳмонлар учун тарқатилади. Зарур бўлганда хонадон аҳли ўзлари учун таом тайёрлаши ҳам мумкин.
Мусибатхонадаги одоблардан яна бири, овозни баланд қилиб гаплашиш, ҳазиллашиш ва кулиш жоиз эмас. Зеро, аза бор жойда бу каби ишлар ҳам диний, ҳам инсонийлик жиҳатидан номақбулдир. Шунингдек, мусибат эгаларидан ҳол-аҳвол сўралганда кулиб эмас, балки мусибат Аллоҳнинг иродаси экани ва унга сабр қилиш лозимлиги ҳақида сўзланади. Таъзияни ҳар қандай тасалли бергувчи сўз билан билдирса бўлади, лекин, баъзи уламоларнинг айтишича энг яхши таъзия сўзи «Аллоҳ вафот қилганларни мағфират қилиб, ўз раҳматига олган бўлсин ва сизга сабр-бардош берсин», – дейишдир. Бундан бошқача ҳар ким ўзи билган сўз билан кўнгил сўраса ҳам бўлади. Таъзия айтишдан асосий мақсад, мусибат етганларнинг қайғуларини бироз бўлса-да енгиллаштиришдир.
Ҳозирги вақтда кўп тарқалган хурофий одатлардан бири шулки, пайшанбалик, якшанбалик деб худойилар қилиш ва йигирмалик, қирқлик номи билан катта-катта қозонларда ош дамлаб кўп маҳаллалардан одам чақириб, катта маросимлар ўтказишдир. Бу ишлар шариатимиз буюрмаган одатлардан эканлиги фиқҳ ва фатво китобларида баён қилинган. Бу ҳақда асримиз уламоларидан Шаҳобиддин ал-Маржоний «Ал-Барқул вамийз» деган китобида: «Халқимиз ичида тарқалган кўп худойилар ношаръий садақалардандур, ундан на маййитга ва на соҳиби хонага савоб бор», — деб шарҳлаган.
Ҳозирги вақтда айрим кишилар Ислом таълимотлари ва шариат аҳкомларини яхши билмаганлари туфайли бу маросимларни муҳим, деб билиб уларни ўтказишга катта эътибор билан қарайдилар.
Барчамиз шуни яхши билишимиз керакки, вафот этган киши хотирасига бағишлаб қилинадиган хайр-эҳсонлар мустаҳаб амалдир. Уни шариат таълимотига мувофиқ ҳолда ўтказиш шартдир. Акс ҳолда ундан бўладиган ажру савобдан маҳрум бўлинади. Аммо, оила, фарзандларга қилинадиган нафақа бу — фарз амаллардан ҳисобланади. Шунинг учун эҳсон қиламан, деб бола-чақанинг ризқини қийиш айни хатодир. Борди-ю маҳалла ошини еганман, маҳаллага ош бермасликка номус қиламан, деб бошқалардан қарз олиб ёки олмасдан ҳам эҳсон қиладиган бўлса, бу айни гуноҳдир.
Ҳозирги вақтда мусибатхонада бир эмас, бир неча марталаб эҳсонлар қилинмоқда. Бу маросимлар баъзи бир оилалар учун, хусусан ҳозирги бозор иқтисодига ўтиш даврида яна ҳам оғирроқ кечаётгани ҳаммага яхши маълум. (Бундай маросимларни ўтказиш баъзи оилалар учун иқтисодий томондан қийинчилик туғдириши мусибат устига мусибатдир).
Изоҳ (0)