Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Қорасув туманидаги «Абдураҳмон ибн Авф» номли мадраса томонидан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга бағишланган «Ҳазрат» китоби чоп этилди, деб хабар бермоқда «Qadriyat.uz». Китобга замондош олим ва мухлисларнинг Шайх ҳақидаги хотиралари жамланган.
Китоб шайх ҳазратларининг ҳаёти, илмий фаолияти, устозлари, шогирдлари, шамойиллари ҳақида бошланиб, у кишининг вафоти муносабати билан бир қанча давлатларнинг ҳамда машҳур уламоларнинг таъзиялари ҳам киритилган. Қирғизистонда ва Ўрта Осиёда машҳур бўлган олимлар Алоуддин Мансур, Чубак ҳожи Жалилов, Қодир Маликовларнинг ҳам самимий ўй-фикрлари ўрин эгаллаган. Китобда ўзбек тилидан ташқари қирғизча ва русча мақолалар ҳам жой олган.
Қирғизистонлик уламо, шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳни хотирлаб шундай ёзган:
«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни илм аҳлигина яхши танийди. У киши илм толиблари ва барча халқ учун юқори ҳаракат билан шунча илмий мерос қолдирган бўлса-да, ўзидаги илмнинг ҳали учдан бирини ҳам тақдим қилиб бўлмаган эди. Мен мулоҳаза қилиб кўрсам, бундан тўрт аср муқаддам ўтган Мулла Алий Қорий 109 та асар қолдирган экан. Шайх Муҳаммад Содиқ эса 120 жилддан ортиқ асар ёзиб қолдирибди. У кишининг нақадар улкан дарахт бўлиб кетгани, йиқилганда яна-да сезилди».
1500 нусхада чоп этилган 312 саҳифалик китоб толиби илмлар ҳамда ҳазратнинг мухлислари томонидан ҳали сотувга чиқмасиданоқ сотиб олинди. Яқин кунларда бу китоб кўпроқ нусхада чоп этилиб, тақдим қилиниши режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)