Футбол бўйича 2006 йилги жаҳон чемпионати мезбонлиги Таиланд ва Жанубий Корея саноатига йирик инвестициялар киритиш ва Саудия Арабистонига қурол етказиб бериш эвазига Германияга топширилган. Бу ҳақда, Die Zeit’га асосланиб, Meduza.io хабар бермоқда.
Хусусан, Германия автомобсозлик компанияларидан бири Жанубий Кореядаги ширкатлардан бирига бир неча юз миллион евро миқдорида сармоя киритган – мазкур корейс компанияси асосчисининг ўғли ФИФА ижроия қўмитаси аъзоси бўлгани айтилмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Саудия Арабистонига қурол етказиб бериш ҳақидаги қарорни Германиянинг ўша вақтдаги канцлери Герхард Шрёдер ЖЧ-2006 мезбони номи аниқ бўлишига бир ҳафта қолганида қабул қилган.
Германия 2006 йилги жаҳон чемпионати финал босқичи мезбони номини 2000 йил 6 июлида қўлга киритган. У мезбонлик учун курашда Бразилия, Марокаш, Англия ва ЖАРни ортда қолдириб, энг яқин таъқибчисидан бир овозга ўзиб кетган.
Die Zeit’нинг суриштирувида қайд этилишича, ЖЧ-1998 мезбонлиги Францияга, ЖЧ-2002 мезбонлиги Япония ва Жанубий Кореяга, ЖЧ-2010 мезбонлиги Жанубий Африкага ва ЖЧ-2014 мезбонлиги Бразилияга берилишида ҳам қатор қоидабузарликларга йўл қўйилган.