Бугун, 6 июнь, шанба куни Берлиндаги «Олимпияштадион»да Италиянинг «Ювентус» ва Испаниянинг «Барселона» жамоалари ўртасида Европа Чемпионлар лигаси финал учрашуви бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда RBC.ru.
Хабар беришларича, «Барселона» финалга энг кучли таркибини майдонга тушириши мумкин – Инеста «Атлетик»ка қарши Испания Кубоги финалида олган жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлган, шикастлангани сабаб мавсум сўнгини майдон ташқарисида ўтказган ҳужумчи Луис Суарес эса спорт формасини тиклаб олган.
«Ювентус» эса финал арафасида асосий ҳимоячиси – Жоржио Кьеллинидан айрилди ва унинг финалда майдонга тушмаслиги аниқ бўлиб турибди. Жамоа бош мураббийи Массимилиано Аллегри тўпиғидан жароҳат олган Мартин Касересдан ҳам умид қила олмайди. Ҳимоячи Андреа Бардзальининг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида.