Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев раҳбарлигида ўтказилган Хорижлик сармоядорлар кенгаши йиғилишида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти Назарбоевнинг бобоси тегирмон ишлатгани ҳақида билишини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Today.kz».
«Бобонгизнинг қишлоқда тегирмони бўлганини биламан. Сиз ўзингиз аграр комплекс нималигини жуда яхши биласиз. Менга Қозоғистон ёқишининг сабабларидан бири меҳмондўстлик ва ўта мазали таомларидир. Биз бугун қишлоқ хўжалигини муҳокама қилаётганимиздан жуда хурсандман. Мен Қозоғистоннинг кўплаб маҳсулотларини — Қизилўрда гуручини, Олма-ота олмасини ва албатта Қозоғистон буғдойидан ёпилган нонни татиб кўрганман. Биз Қозоғистон қишлоқ хўжалигидаги иштирокимизни оширамиз», — деди Чакрабарти.
«Тегирмонга эга бўлган ва бадавлат инсон ҳисобланган бобом ҳақида эслаганингиз мен учун айниқса ёқимли бўлди. Бироқ отам янги совет ҳукумати таъқиб қилмаслиги учун ўзини камбағал қилиб кўрсатган. Таомларимиз яхшилиги ҳақидаги сўзларингизга келсак, агар Европа банки президенти ҳамма ерда Қозоғистон маҳсулотларини тарғиб қилса, шунинг ўзи аграр комплексимиз учун ёрдам бўлади», — деди Назарбоев.
Изоҳ (0)