Янги форматдаги сайт – Pixland, 20 май куни ўзбек тилидаги талқинини ишга туширди.
Бутунлай янги кўриниш олган Pixland ресурси электрон журнал форматида фаолият кўрсата бошлади. Энди унда катта ҳажмдаги ва сифатли фотосуратлар, мазмунли қисқа матнлар ва изоҳлар мавжуд. Сайтда маҳаллий ва хорижий репортажлар, махсус лойиҳалар, фотожамланмалар, маҳаллий дизайнерлар ва усталарнинг ишлари чоп этилмоқда.
Pixland.uz сайти олти мавзуга эга бўлиб, «Воқеалар», «Мода», «Дизайн», «Техно», «Ҳаёт» ва фойдаланувчиларнинг «Клуб» бўлимларига ажратилган. «Клуб» қоидаларига кўра ҳар бир фойдаланувчи ўз фотоматериалини сайтга юклаши ва бу материал таҳририят томонидан текширилгандан сўнг сайтда чоп этилиши мумкин. Фойдаланувчиларнинг баъзи материаллари «Клуб» бўлимини четлаб ўтган ҳолда, сайтнинг асосий саҳифасига ҳам чиқиши мумкин.
«Биз материалларни ва уларни тақдим этиш усулларини тажриба қилишда давом этмоқдамиз, − дейди журнал таҳририяти. – Сайтнинг асоси – бу, маълумотни визуал кўринишда тақдим этиш. Биз фойдаланувчиларга воқеа-ҳодисаларни сўз билан эмас фотосуратлар ва уларга бўлган изоҳлар билан тақдим этамиз. Ўзбек тилидаги талқинни ишга тушириб, биз рус тилидаги таҳририятдан қисман, балки бутунлай фарқ қиладиган ўзбек тилидаги автоном таҳририят фаолиятини йўлга қўймоқчимиз. Умид қиламизки, бизнинг қаторимизга фототасвирларни севувчи, ўз ижод намуналарини «Клуб» ва «Кун фотоси» бўлимларига жойлаштиришга тайёр ижодкорлар келиб қўшиладилар».
Лойиҳа таҳририяти, дунёнинг турли чеккасида суратга олинган қизиқарли, баъзан эса такрорланмас бўлган кадрлар ҳар куни чоп этиладиган «Кун фотоси» бўлимига қаттиқ эътибор қаратади. Ҳар бир материал «тег» билан чоп этилиб, уларнинг ёрдамида ушбу мавзуга тегишли барча материалларни кўриш имконияти яратилган.
Смартфон эгалари учун сайтнинг мобил талқини мавжуд. Шунингдек, iPhone эгалари App Store’га кириб махсус дастурни юклаб олишлари мумкин. Сайтнинг Android платформаси учун мобил дастурнинг ишга туширилиши, сайт маъмуриятининг айтишича шу йил ёз фаслининг ўрталарида мўлжалланмоқда.
Сайтнинг машҳур муаллифлар ва материаллар кўрсатилган «Рейтинг» саҳифаси, бир қарашда ҳали якунига етмагандек туюлади. «Ҳозирча рейтингда барча фойдаланувчилар – сайт муҳаррирлари, муаллифлар ва сураткашлар қатнашмоқдалар, − деб изоҳ беради маъмурият – бу қисман аралаш-қуралаш кўринса-да, ўзига хос мусобақа руҳини ҳосил қилади. Фойдаланувчилар сони кўпайгандан сўнг, таҳририят ходимларини бу рўйхатдан олиб ташлаймиз».
Ўзбек тилидаги Pixland’да ҳозирча материаллар унча кўп эмас, лекин таҳририятнинг хабар беришича, рус тилидаги машҳур архив материаллари ўзбек тилига таржима қилинади.
Реклама ҳуқуқи асосида
Изоҳ (0)