Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги Мирзаобод йўл хўжалиги пудрат-таъмирлаш ва фойдаланиш корхонаси директори бош ҳисобчи ва бош механик билан ўзаро жиноий тил бириктирди, деб хабар беради «Ҳуқуқ» газетаси.
Аввалига улар ҳужжатларга сохта маълумот киритиш орқали корхона балансида бўлган жами 5 миллион 100 минг сўмлик эҳтиёт қисмларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида далолатнома тузди. Шу йўл билан мулк талон-тарож қилинди.
Директор ва унинг шериклари ҳужжатларда қалбакилаштириш йўли билан амалда бажарилмаган ишлар учун йўл варақаларини тўлдириб, 2318 литр нефть маҳсулотларини асоссиз равишда ҳисобдан чиқарди. Натижада жами 5 миллион сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилди.
Шундан сўнг, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобилларни сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси ва пудратчи Мирзаобод тумани ЙХПТФК ўртасида халқаро йўналишдаги автомобиль йўлини таъмирлаш учун пудрат шартномаси тузилди. Шартнома бўйича ишлар тўлиқ бажарилмаган бўлса-да, жиноий гуруҳ аъзолари ишлар бажарилгани тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириб, 3 миллион 286 минг сўмлик маблағни қўлга киритди.
Бундан ташқари, жиноий гуруҳ аъзолари бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктириб, жами 134 миллион 794 минг сўмлик дизель ёқилғисини қайта сотиб юбориб, давлат ва жамоат манфаатларига катта миқдорда зарар етказди.
Корхонадаги масъул шахсларнинг бундай совуққонлиги қарздорлик ошиб кетишига олиб келди: муддати ўтган дебитор қарздорлик миқдори 44 миллион 117 минг сўмга етди. Корхона ходимлари ҳам иш ҳақини ололмай, жами 180 миллион 28 минг сўм иш ҳақидан қарздорлик юзага келди.
Мазкур молиявий найранглар фош этилиб, айбдорлар устидан жиноий иш қўзгатилди ва жиноий гуруҳ аъзолари суд томонидан жазоланди.
Изоҳ (0)