2015 йил 7 апрель куни Ташқи ишлар вазирлиги таклифига асосан Дин ишлари бўйича қўмитага «Иегов гувоҳлари» диний ташкилотининг Европа ассоциацияси вакиллари Марк Хансен ва Лоренсо Трапанезе ташриф буюрди. Меҳмонларни Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов қабул қилди. Бу ҳақда қўмита расмий сайти маълум қилди.
О.Юсупов мамлакатимизда диний соҳани юритишда уч асосий тамойилга риоя қилинишини маълум қилди, у ҳам бўлса, диний плюрализм, диний бағрикенглик ва динлараро мулоқот бўлиб, уларнинг кенг маънода амалда бўлишлиги юртимизда тинчлик-тотувликнинг сақланиб туришининг кафолати эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
М.Хансен Ўзбекистонда диний бағрикенглик дарҳақиқат амалда эканлигига ишонч ҳосил қилганлигини айтиб, ҳукумат ва биринчи галда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан диний ташкилотларга зарур кўмак кўрсатилаётганлиги учун миннатдорчилик билдирди. Шундан келиб чиққан ҳолда, у ўзи томонидан Брюсселда Европа Ҳамжамияти ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари билан ўтказиладиган учрашувларда ҳам мана шу ижобий ўзгаришлар ҳақида тушунчалар бераётганлигини маълум қилди.
Л.Трапанезе юқорида қайд этилган фикрларнинг исботи сифатида «Иегов гувоҳлари» диний ташкилотининг асосий матбуот нашрларидан бўлган «Пробудитес!» журнали октябрь сонида Ўзбекистонга доир мақола нашр этиш режага киритилганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, худди шу нашрнинг май сонида ўрта осиёлик машҳур аллома Ал Хоразмийга бағишланган мақола чоп этилаётганлигини маълум қилди. Суҳбат давомида диний ташкилот фаолиятига доир бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)