Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан «Методист мактаби» фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур мактаблар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар малака ошириш институтлари негизида ташкил этилиб, унга туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари, вилоят халқ таълими бошқармаларида фаолият кўрсатаётган методистлар жалб қилинади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.
Мазкур маҳорат мактабларини ташкил этишдан асосий мақсад замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга жорий этиш тенденциялари бўйича методистларни хабардор қилиш, уларга соҳа янгиликларини етказиш, уларнинг касбий маҳоратини оширишдан иборат. Ўз навбатида, методистлар мазкур янгиликларни умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларга етказади.
Методистлар мактаби ҳар ойнинг охирги жума ва шанба кунлари бўлиб ўтиб, машғулотлар 16 соатни ташкил қилади. Дарслар Халқ таълими вазирлиги мутахассислари, вилоят малака ошириш ва давлат педагогика институтлари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, «Истеъдод» жамғармасининг тренерлари томонидан интерактив усулларда ташкил қилинади.
Маълумот учун, бугунги кунда республикада 18 та умумтаълим фанларидан 2000 дан ортиқ методист фаолият кўрсатиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 24 декабрдаги 362-сонли қарори билан «Халқ таълими муассасалари педагог ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий тариф ставкалари миқдорларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори билан жорий йилнинг 1 январидан методистлар ойлик маошлари оширилди.
Изоҳ (0)